Болам, излаб тополмайсан изимни...
Болам, эшит сенга айтар сузимни,
Бу дунёдан юмар бўлсам кўзимни.
Ажал поймонаси олса ўзимни,
Излай-излай тополмассан изимни.
Онам кетди деб, кўзингни ёшлама,
Қаддинг букиб юрагингни ғашлама.
Қўйлар сўйиб қозонга ош дамлама,
Тирикликда хурмат қилгин ўзимни,
Болам, излаб тополмассан изимни.
Қандоқ қилай бирор ишни қилмасман,
Отанг солган иморатга сиғмасман.
Кеча-кундуз дуо қилиб йиғласам,
Миннат қилма, болам берган тузингни,
Болам, излаб тополмассан изимни.
Баҳор келса боғда бодом гуллайди,
Ишон болам, онанг қайтиб келмайди.
Хаётликда қадрим хеч ким билмайди,
Ёшлатмагин бехудага кўзимни,
Болам, излаб тополмассан изимни.
Иложим йўқ, вақтим етиб бўлмайман,
Ажал келса, бир лахза хам турмайман.
Соғинсанг хам яна қайтиб келмайман.
Болам, излаб тополмассан изимни.
Ўғил боқдим бир кунимга ярар деб,
Қиз ўстирдим хизматимни қилар деб.
Тун кечалар ухламадим, болам деб,
Ғафлат босмай хушёр тутгин ўзингни,
Болам, излаб тополмассан изимни.
Етти, қирқлар қилиб пулинг сарфлама,
Савоб қилдим онамга деб, ўйлама,
Қурьон ўқиб дуо қилгин хаққимга,
Шунда берар Аллох нурин қабримга.
Ғафлат уйқусидан очгил кўзингни,
Энди сира тополмассан изимни,
Совға қилдим, сенга ширин сўзимни.
Болам, излаб тополмассан изимни...
@uzbeku