МИБ хонанда Озода Нурсаидованинг Тошкентдаги уйи бузилиши сабабларига аниқлик киритди
Хонанда Озода Нурсаидова уйи бузилганидан кейин шифохонага тушгани ҳақида
ОАВда хабарлар пайдо бўлган эди. Мажбурий ижро бюроси ушбу воқеага ойдинлик киритди
Маълум бўлишича, Тошкентнинг Яккасарой тумани Кўҳинур кўчасида жойлашган турар жой биноси этак қисмида ўзбошимчалик билан қўшиб олинган 178 квадрат метр ер майдонида жойлашган қурилма-деворни қарздор — хонанда Озода Нурсаидова ҳисобидан буздириб ташлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлган.
Январь охирида давлат ижрочилари хонандага ижро ҳужжати талабларини белгиланган вақтда бажармаслик оқибатлари ҳақида тушунча берган ва бу ҳақда тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирган. Ҳужжат ижроси берилган ихтиёрий муддатда бажарилмаганлиги сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Дастлаб, 6 февраль куни мажбурий ижро ҳаракатлари Яккасарой ҳокимлиги вакиллари бўлмагани сабабли қолдирилган. Хонадон эгалари томонидан ижро ҳужжатини тўхтатиш ёки бекор қилиш учун асос бўладиган ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмаган, шу сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилган.
8 февраль куни тегишли мутасаддилар ва холислар иштирокида ҳужжат ижроси соат 15:00 дан 21:30 га қадар тўлиқ бажарилиб, 178 квадрат метр ер майдондаги ноқонуний қурилма бузилган; Озода Нурсаидова, синглиси Нилуфар Нурсаидова, туман ҳокимлиги, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, ИИБ профилактика инспектори, тез тиббий ёрдам хизмати ва «Боғсарой» маҳалласи раиси шу ерда ҳозир бўлган.
Хонадон эгалари Озода Нурсаидова ва бошқалар кадастр бўлими ходимларига қурилма ўлчами нотўғри ҳисоблангани ҳақида эътироз билдириб, далолатномага имзо чекишдан бош тортган ва бу ҳақда ИИБ профилактика инспектори томонидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида хонанданинг соғлиги ёмонлашгани кузатилмаган, давлат ижрочиларининг ҳаракатига қаршилик кўрсатиш ёки тўсқинлик қилиш ҳолатлари содир
этилмаган.
Манба: Дарё